Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни мамлакатга ташриф билан келганМиср бош имоми, Ал-Азҳармажмуаси раҳбаришайх АҳмадМуҳаммад Таййибниқабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётгани учрашувда баён этилди.

Давлат раҳбари Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади.

Аҳмад Таййиб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний-маънавий меросни кенг тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган сиёсатни, БМТда илгари сурган қатор ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

У ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этди.

Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони берилгани ўзи учун катта шараф ва эҳтиром экани ҳамда масъулият бағишлашини билдирди.

Аҳмад Таййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг юртимизда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди.