Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида давом этаётган III Параосиё ўйинлари Ўзбекистон спорт делегацияси учун ниҳоясига етди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

12 октябрь якунларига кўра ўзбекистонлик спортчилар томонидан 77 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 35 таси олтин, 24 таси кумуш ва 18 та бронза медалларидир. Ўзбекистон ҳозирча медаллар сифати бўйича умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

Енгил атлетиканинг бир қатор йўналишлари, жумладан, баландликка сакраш (эркаклар, оёқ ампутацияси) бўйича Темур Гиязов, узунликка сакраш (аёллар, қўл ампутацияси) бўйича Камола Абдуллаева, найза улоқтириш (аёллар, қўл ампутацияси) Розия Эргашева, ядро улоқтириш (бўйи 140 см дан паст бўлган спортчилар) баҳсларида Бобур Омонов шу кунгача мазкур йўналишларда Хитой ва Япония мамлакатлари гегемониясига чек қўя олди.

Баҳслар давомида Ҳусниддин Норбеков ўзи учун янги йўналиш ҳисобланган ядро улоқтиришда жаҳон рекордини ўрнатди. Бунгача рекорд 2008 йилги Паралимпия ўйинларида қайд этилганди.

Шунингдек, мазкур Параосиё ўйинларида тўрт маротаба шоҳсупада фақат Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Сузиш баҳсларида тўртта йўналишда фақат ўзбекистонлик спортчилар медалларга эга чиқишди.

Таққослаш учун, тўрт йил олдин Инчеонда бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 22 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза, умумий ҳисобда эса 31 та медаль қўлга киритганди. Бу сафар Параосиё ўйинларидаги рекорд мутлақ янгиланди ва Ўзбекистон учун энг яхшиси бўлиб тарихга кирди.

Эртага мусобақанинг сўнгги кунида бадминтон, велоспорт ва баскетбол бўйича беллашувлар ўтказилади. Спортнинг ушбу турларида ўзбекистонлик спортчилар иштирок этишмайди.