12 октябрь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Қозоғистон ва Россия мудофаа вазирлари билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Учрашувларда томонлар мудофаа соҳасида Ўзбекистон-Қозоғистон ва Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари масалаларини муҳокама қилди, ҳарбий-техник йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашинувлари бўлиб ўтди.

Абдусалом Азизов россиялик ҳамкасби билан мулоқотда Россия ҳарбий мутахассислари билан қўшма тадбирларни ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, 2017 йилнинг октябрида «Фориш» полигони (Жиззах вилояти) базасида Ўзбекистон-Россия ҳарбий машғулотларининг ўтказилиши ўзаро манфаатли алоқаларнинг бошланишига янги туртки берди.

Россия мудофаа маҳкамаси раҳбари Сергей Шогу Россия Ўзбекистонни Марказий Осиёда, жумладан хавфсизлик соҳасида, стратегик шерик сифатида кўришини таъкидлаб ўтди, дея хабар қилди РИА Новости.

«Замонавий шароитда хавф ва таҳдидларга, айниқса минтақада халқаро терроризмнинг тарқалишига қарши биргаликда курашиш лозим», — дея қўшимча қилди Сергей Шойгу.

Абдусалом Азизов келгуси йили бўлиб ўтадиган Халқаро армия ўйинлари ҳамда Халқаро хавфсизлик бўйича Москва анжуманида иштирок этишга таклиф қилинди.

Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари 2019 йилда ҳарбий ҳамкорлик режасини ҳамда икки давлат ҳарбий ҳаво кемалари учун Ўзбекистон ва Россия ҳаво ҳудудларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади. Ҳукуматлараро битим ҳарбий юкларни ташиш ва ҳарбий-транспорт самолётларининг қўнишсиз парвозларини амалга ошириш масалаларини тезкорлик билан ҳал этишга имкон беради.