«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раҳбарияти автосаройлар таркибидаги энг кўп масофа босиб ўтган 2008−2009 йилларда ишлаб чиқарилган «Мерседес» русумли автобусларни 13 октябрдан бошлаб йўловчи ташиш учун йўналишларга чиқарилмаслик бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди. Мазкур қарор сўнгги кунларда пойтахтда тез-тез йўловчи автобусларида ёнғинлар содир бўлаётгани сабабли қабул қилинди.

Шу билан бир қаторда, барча эски автобуслар бўйича махсус — кучайтирилган тартибда техник кўрик ўтказилади. Унда транспортдаги барча техник жисмларнинг яроқлилик даражаси аниқланади. Бу бўйича комиссия хулосаси олинади. Шунга мувофиқ эски автобусларни йўналишларга чиқариш ёки чиқармаслик бўйича якуний қарор қабул қилинади.

«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарияти йўналишлардаги автобуслар қатновида юзага келадиган оралиқ вақтларнинг узайиши ва бошқа ноқулайликлар учун барча йўловчилардан узр сўраб, ушбу ноқулайликларни тезда баратарф этиш чоралари кўрилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жума куни Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент ва Олтинтепа кўчалари чорраҳасида 95-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz Low Floor автобус ёниб кетди. Икки кун муқаддам — 10 октябрь куни эса Учтепа туманидаги Кўкча Дарвоза кўчасида 87-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz Low Floor автобусда ёнғин содир бўлган эди.