Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражадаги музокараларда эришилган келишувлар доирасида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўзаро савдо айланмаси ҳажми изчил ортиб, номенклатураси кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Саноат, энергетика, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда аниқ қўшма лойиҳалар бўйича ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Маданий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Томонлар энг муҳим масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда самарали курашиш бўйича ёндашувлари муштарак эканини қайд этди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида интилишлари қатъий эканини таъкидлади.