Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган икки мактаб базасида халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) пилот лойиҳалари амалга оширилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (136- ва 141-сонли мактаблар асосида) пилот лойиҳаларини амалга ошириш учун инвесторлар ўртасида танлов эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 5 сентябрь куни «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Бу ҳужжат халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратди.

Мазкур Қарор халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг йўналишларини аниқлаб берган бўлиб мактаб таълимига хусусий сармояларни жалб этишга қаратилган.

Ҳозирда, Тошкент шаҳрида 300 та умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 200 тасида юкланма юқори даражада қолган 100 тасида эса кўрсаткичлар паст эканлигини кузатиш мумкин. Лойиҳа амалга оширилаётган 136- ва 141-сонли мактаблар ҳам айнан иккинчи гуруҳга киритилган.

Халқ таълими вазири ўринбосари Сарварбек Бобохўжаев лойиҳанинг афзалликлари ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

— Ушбу пилот лойиҳалар билан биз халқ таълими соҳасига хусусий маблағларни жалб этиш ниятидамиз. Инвестициялар билан бирга биз таълим соҳасига инновациялар ва малакали ўқитувчиларни жалб этамиз, бу эса таълим сифатини оширишга кўмак беради.

— ДХШ лойиҳаси доирасида инвесторлар болаларнинг таълим олишлари ва ўқитувчиларнинг самарали ишлашлари учун ҳамма шароитларни яратишлари керак бўлади. Ўз ўрнида сармоядорлар мактаб мулки ва объектларидан 30 йил мобайнида беғараз фойдаланиш имкониятига эга бўладилар" — деб таъкидлади вазир ўринбосари.

Шунингдек, бу лойиҳа эса болаларга яхши шароитларда сифатли таълим олиш имкониятини беради. Таъкидлаш лозимки, инвесторлар билан тузиладиган ДХШ шартномаси доирасида, мактаб ўқувчиларининг умумий сонидан 20% и ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандлари бўлиб, уларнинг бепул таълим олишлари назарда тутилади, — деди Халқ таълими вазирлиги мутахассиси Сарварбек Садуллаев.

Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган мактаблар ўз фаолиятларини 2019−2020 ўқув йилида бошлашлари кутилмоқда.