2018 йил 11 октябрь куни соат 14 дан 24 дақиқа ўтганда Чилонзор метро линиясининг Олмазор бекатида 14-сонли машрут бекатнинг айланиш жойига келганда поезд техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Ундан кейин келаётган поездларни айлантириш имконияти бўлмаган. Шу сабабли метродаги поездлар ҳаракат жадвалини сақлаш ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш, шунингдек, поездлар оралиғидаги масофа чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида Пахтакор бекатида вақтинча поездлар иккинчи йўлга айлантирилиб, ҳаракати ташкил қилинди.

Бу жараёнда поездлар қатновининг оралиқ масофаси 17 дақиқани ташкил қилди. Юз берган техник носозлик жами 35 дақиқада бартараф қилинди ва метро поездлари яна ўз жадвали асосида ҳаракатини давом эттирди.

Бундай техник носозлик туфайли юзага келган ноқулайлик учун Тошкент метрополитени маъмурияти барча йўловчилардан узр сўрайди.