Президентнинг жорий йил 4 июлдаги «Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан давлат ташкилотилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ҳам ана шундай Жамоатчилик кенгаши тузилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу муносабат билан вазирликда ўтказилган йиғилишда маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифаси давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари рўйхати низом асосида шакллантирилди. Жамоатчилик кенгаши таркиби раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат бўлиб, кенгашнинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз: жамоатчилик кенгашлари давлат органи раҳбарининг қарорига асосан тузилиб, унга меҳнат фахрийлари, обрўли фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қабул қилинади.