Ўзбекистоннинг Москвадаги янги элчиси Ботиржон Асадов Россия президенти Владимир Путинга ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар қилди Кремль матбуот хизмати.

Ишонч ёрлиқларини топшириш маросими Катта Кремль саройининг Александр залида бўлиб ўтди. Россия президентига янги тайинланган 23 нафар элчи ўз ишонч ёрлиқларини топширди.

Владимир Путин «Ўзбекистон — Россиянинг стратегик шериги ва иттифоқчиси» эканини таъкидлаб, асосий ҳисобланган сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг чуқур эканини қайд этиб ўтди.

«Умид қиламанки, келгуси ҳафта Тошкентга амалга оширилувчи давлат ташрифи жараёнида президент Шавкат Мирзиёев билан муфассал музокаралар бўлиб ўтади ва улар якунлари бўйича қўшма ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатлар имзоланади», — деди у.

«Ўзбекистон раҳбари билан биргаликда Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми йиғилишида иштирок этамиз ҳамда „Росатом“ билан биринчи ўзбек атом электр станцияси қурилишига старт берамиз», — деди Россия президенти.

Ботиржон Асадов (1978 й. т.) октябрь ойи бошида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси лавозимига тайинланган эди. Унга қадар у Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.