Россиянинг «Силовые машины» концерни 2018−2021 йилларда Ўзбекистондаги йирик Сирдарё иссиқлик электр станциясини реконструкция қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 6 октябрдаги қарори билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқланди.

Унга кўра, станциянинг олтита энергоблоки уч босқичда модернизация қилиниб, барчасининг умумий қуввати 1800 дан 1950 МВтга етказилади. Шартнома қиймати 177,1 млн долларни ташкил этади.

Жами қиймати 187,3 млн доллар бўлган лойиҳа учун Россиянинг Ташқи иқтисодиёт банки 132 млн доллар кредит ажратади, қолган қисми эса ўзбек томони маблағлари ҳисобига қопланади.

Сирдарё ИЭС 1981 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда унинг қуввати 3200 МВтни ташкил этади. Йилига 13 миллиард кВт⋅с ёки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 30 фоизини тақдим этади.

Ўзбекистон энергия тизимида жами 48 та электр станцияси фаолият кўрсатиб, уларнинг умумий қуввати 12,4 минг МВтдан ошади. Шундан 10,6 минг МВт «Ўзбекэнерго» компаниясининг 10 та иссиқлик электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилади. Қолган қисм электр энергияси эса «Ўзбекгидроэнерго» компанияси тузилмасидаги ГЭС ҳамда саноат корхоналарининг ўз автоном ИЭСлари томонидан ишлаб чиқарилади. 60 миллиард кВт⋅с электр энергиясини ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.