Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман суди «Тошшаҳартрансхизмат» ходимасини ҳақорат қилган Damas ҳайдовчиси Хусниддин Х.ни уч кун муддатга маъмурий қамоққа ҳукм қилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

25 ёшли Хусниддин Х. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида 9майда безорилик) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унинг йўловчиси — 25 ёшли Умидбек А.нинг ҳаракатлари суд томонидан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш сифатида тоифаланди. МЖТКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) бўйича унга ЭКИҲнинг 2 баробари (368,6 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилди.

Бундан ташқари, МЖТКнинг 128−6- моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши) бўйича Хусниддин Х ва ўзининг Damas автомобилини жамоа транспорти бекатида тўхтатган 35 ёшли Абдумажид А.га нисбатан баённома тузилди.

ИИББ ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича ички ишлар органлари ходимининг можарони бартараф этиш бўйича чора кўрмагани тўғрисидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди.

«Ходим хизмат вазифасини бажариш бўйича қўлланмага қатъий амал қилган ҳолда ҳаракат қилди. Унинг вазифаси — метрополитен йўловчилари хавфсизлигини таъминлаш. Постни ташлаб кетиб, у ҳодисага тезлик билан муносабат билдирди ва тартибни таъминлаш учун чора кўрди: яқин-атрофдаги патруль-пост хизмати гуруҳини чақирди. Шундан сўнг ходим яширинмади, балки можаро якунланганига ишонган ҳолда постга қайтди. Бироқ аёл кишининг кейинги ҳаракатлари можарони яна кучайтириб юборди», — дейилади хабарда.

5 октябрь куни «Тошшаҳартрансхизмат» диспечерлик хизмати вакиласи эркак ҳайдовчи автомобилини жамоат транспорти бекатида тўхтатганини видеога олади. У бу ишни ҳайдовчига танбеҳ бериш мақсадида қилади, жавоб сифатида эса ҳайдовчи ножойиз сўзлар билан аёлни ҳақоратлаб, қўлидан мобил телефони ва кўзойнагини тортиб олади.

Сентябрь ойи бошида ҳам «Тошшаҳартрансхизмат» ходималари иштирокида шунга ўхшаш ҳолат содир бўлган эди. Ўшанда бекатда тўхтаган Matiz ҳайдовчиси танбеҳ бергани ва видеога олгани учун аёл кишини ургани ортидан беш кун муддатга қамалганди.