А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида мактаб директорларининг амалдаги малака ошириш курсларидан тубдан фарқ қилувчи «Менежерлик курслари"ни ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий (менежерлик курсини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом, курсни ташкил этиш тўғрисидаги буйруқ) ва ўқув-методик таъминот (курснинг ўқув режаси, дастури, маъруза матнлари ва амалий машғулот ишланмалари) тайёрланди ва халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Менежерлик курсининг ўқув режаси директорлар малака ошириш курсининг ўқув режасидан тубдан фарқ қилади.

Янги ўқув режада асосий урғу умумтаълим мактаблари раҳбарларининг бошқарув компитенцияларини такомиллаштиришга йўналтирилган мутахассислик фанларига қаратилган. Жумладан, таълим соҳаси менежменти, таълим соҳаси маркетинги, таълимда персонални бошқариш, бошқарувда оптимал қарорлар қабул қилиш технологиялари ва таълим сифатини бошқариш каби ўқув модуллари янги курс тингловчиларига илк бор тақдим қилинмоқда.

Таълим соҳаси менежерлари «Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги давлат сиёсати», «Таълим иқтисодиёти» ва «Таълим бошқарувининг меъёрий ҳуқуқий асослари» каби ўқув модуллари бўйича назарий билим ва амалий кўникмалардан баҳраманд бўладилар.

«Менежерлик курси» давомида тингловчилар томонидан ўзлари раҳбарлик қилаётган таълим муассасаларида самарали менежментни жорий этиш бўйича «Йўл харитаси"ни шакллантиришлари ва уни ҳимоя қилишлари кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 4 октябридан бошлаб «Менежерлик курс"ларида ўқув машғулотлари бошлаб юборилди. Курс тингловчилари билан ўтказилган суҳбатларда ўтказилаётган мавзулар авваллари курсларда ўқилган мавзулардан долзарблиги ва амалиётга йўналтирилганлиги билан анчагина фарқланаётганлиги тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Курсни ўтказиш даврида ва унинг якунида тингловчилардан «Мен курсдан нима олдим» рукнида сўровномалар ўтказиш режалаштирилган.