Ўзбекистон терма жамоаси ва «Пахтакор» клуби вингери Жалолиддин Машарипов ОФК томонидан дисквалификацияга учради. Бу ҳақда Championat.asia хабар берди.

ОФКнинг 8 октябрь куни чиқарган қарорига кўра, Осиё ўйинлари чорак финал доирасидаги Ўзбекистон (U23) — Жанубий Корея (U23) учрашувидан кейин ҳакамга қарата сув идишини отган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Машарипов ўртоқлик ўйинларидан 6 ой муддатга дисквалификация қилинди. Қўшимчасига футболчи 5 минг АҚШ долларига жаримага тортилди. Мазкур жарима 30 кун ичида тўлаб берилиши шарт, дейилади ОФК қарорида.

Эндиликда футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида апрель ойига қадар ўртоқлик ўйинларида иштирок этолмайди. Айни пайтда терма жамоа йиғинида шуғулланаётган Машарипов яқинда бўладиган КХДР ва Қатарга қарши учрашувларни ҳам ўтказиб юборади. Осиё Кубогига қадар Эктор Купер Жалолиддин Машариповни ўртоқлик баҳсларида синаб кўриш имкониятидан маҳрум бўлди.