Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 6-, 20-, 34-, 43-, 44-, 48-, 50-мактабларда бир неча йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси мавжуд. Журналист Шарифа Мадраҳимованинг «Маърифат» газетасида эълон қилинган мақоласи шу ҳақда.

Бу муаммо кўп йиллардан буён ҳал этилмай келмоқда. Мисол учун, «2004−2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури» асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган 50-умумтаълим мактабида туман марказидан энг олис ҳудудлар — Шолғомараб, Шўрқишлоқ, Яккатол қишлоқлари аҳолисининг 492 нафар фарзанди таълим-тарбия олади. 210 ўринли мактабда 47 нафар ўқитувчи, 14 нафар техник ходим меҳнат қилади. Мавжуд вазиятни ўрганиш учун у ерга борганимизда, директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Мақсудали Содиқов ҳақиқатан ҳам мактабда ичимлик суви йўқлигини, 2009 йили қурувчилар ичимлик сувини иккита резина шланг орқали тортиб келганини, аммо бир йилга етар-етмай сув тўхтаб қолганини айтди.

Ўқувчилар мактабдан 100 метр узоқликдаги сувдан фойдаланади. Бошқа эҳтиёжлар учун эса мактабда сиғими 80 литрли қўлбола усулда тайёрланган идиш бор.

Мактаб директори Шуҳрат Мавлонов 2009 йилдан буён юқори ташкилотларга фақат оғзаки мурожаат қилганини айтди.

— 2016 йили туман ҳокимлигига мурожаатимиздан сўнг, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси Бувайда филиали томонидан мактабга ичимлик суви келтириш давлат дастурига киритилди. Дренаж, яъни сув минораси қуриш учун «Қутлуғ қадам файзи» фермер хўжалиги раҳбари Ихтиёр Салимов мактаб ва болалар учун ўз еридан 10 сотихдан кўпроқ жой ажратиб берди. Аммо нимагадир сув минораси қурилиши бошланмасдан тўхтаб қолди, — дейди мактаб директори Шуҳрат Мавлонов.

Тумандаги 6-мактаб директори Илҳомжон Тешаев ҳам мактабга ичимлик суви келтириш масаласида 20 марта турли ташкилотларга мурожаат қилганини, шундан бештаси ёзма эканини билдирди.

Мактабда 973 нафар ўқувчи икки сменада таълим олади. Боймаҳалла, Мажнунтол, Ёнғоқли, 1-Қўрғонча, 2-Қўрғонча қишлоқлари қамровидаги мактабдан 50 метр узоқликда маҳалла учун мўлжалланган артезиан қудуқ бор. Ўқувчилар танаффус пайти ўша ерга бориб сув ичиб келишади.

— Масъул мутасаддилар, маҳалла фаоллари бу муаммони ўрганиб кетаверади. Аммо амалий ишдан дарак йўқ, — дейди Илҳомжон Тешаев. — Мактаб туман солиқ бўлими раҳбари мутасадди бўлган 4-сектор ҳудудида жойлашган. Сектор раҳбари ҳам келиб, вазиятни ўрганиб кетди. 300 метр узунликда қувур бўлса, мактабга ичимлик суви олиб кириш мумкин…

Мактаб раҳбарларининг фикрини эшитиб, «Сувоқова» ДУК туман филиали раҳбари Салимжон Деҳқонов билан боғландик.

— Бюджет ташкилотларини ичимлик суви билан таъминлашнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Йил бошида таълим харажатлари учун туман бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратилади. Шу пайтда мактаб директорлари туман молия бўлимига ўқув муассасасидаги камчиликларни айтиши керак. Харажатлар сметаси тузилаётган пайтда шулар эътиборга олиниб, маблағ ажратилади. Мактаб директорлари мактаб томини ёпиш, кириш қисмини таъмирлаш, ошхона қуриш, синфхоналарини жиҳозлаш учун маблағ сўрайверадию, аммо ичимлик суви муаммосини кўтармайди. «Сувоқова» ДУК туман филиали ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тумандаги мактаб ва боғчаларга навбатма-навбат ҳомийлик ёрдамлари ҳисобидан ичимлик суви қувурларини тортиб бермоқда. 2018 йилнинг август ойига қадар 3-, 8-, 37-, 38-мактабларга ичимлик суви келтирилди, 2-ИДУМИга сув тортиш насоси ўрнатилди. 25-, 28-МТМлар ҳам ичимлик суви билан таъминланди.

Салимжон Деҳқоновнинг айтишича, 6-мактабни ичимлик суви билан таъминлаш учун радиуси 50 сантиметрли қувурдан 300 метр керак бўлади. Агар мактаб директори ҳомийларни шу ишга жалб этиб, қувур учун маблағ топса, қазиш, ўрнатиш, монтаж ишларини «Сувоқова» ДУК ходимлари амалга ошириб, мактабга ичимлик суви киритиб беради.