2018 йил 08 октябрь куни соат 10:00 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сонли болалар юқумли касалликлар шифохонасига Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 433-сонли мактабгача таълим муассасасининг 7 нафар тарбияланувчилари «Ўткир ичак диареяси» ташхиси билан ётқизилган, шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдан натижасида уларнинг аҳволи ҳозирда қониқарли ҳолатда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат марказининг хулосасида, муассасага 2018 йил 3 август куни кўп миқдорда сариёғ маҳсулоти олиб келиниб ҳозирги кунга қадар истеъмолда фойдаланиб келингани, таомнома бўйича 2-овқат учун тайёрланган тефтель йўриқнома қоидаларига зид равишда тайёрлангани, эскирган ошхона жиҳозларидан фойдаланиб келингани, иккинчи музлатгич носоз ҳолда эканлиги, барча озиқ-овқат маҳсулотлари бир музлатгичда сақланаётгани кўрсатилган.

Муассасада мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ва сувдан намуналар олиниб, экспертиза ўтказиш учун юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 8 октябрь куни Мирзо Улуғбек туман ИИБ томонидан ЖКнинг 2571-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.