Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот бош директори Одри Азуле билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Одри Азуле давлат раҳбарини ташрифи билан самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.

ЮНЕСКО бош директори Ўзбекистон президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Учрашув сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.