Ноябрда Женевада бўлиб ўтадиган Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) йиғилишида Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида 3 октябрь куни ХМТнинг жанубий-шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ХМТ минтақавий директори Аргентина Сабадаш бошчилигидаги делегацияси билан учрашувда маълум қилинди.

Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ХМТ Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлганидан сўнг Тошкент ва Термизда энг камида иккита тўла ҳуқуқли ваколатхона очишни режалаштирмоқда. Улар Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонда меҳнат миграцияси соҳасидаги ХМТ лойиҳаларини амалга ошириш учун субминтақавий марказ сифатида фаолият кўрсатади.

ХМТ «Ишга марҳамат» мономаркази негизида Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида камида иккита Европа мамлакатларига кетиш олдидан меҳнат мигрантларини кўниктириш марказини ташкил этиш ва керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бунда, Сурхондарё вилоятида Афғонистондан бўлган меҳнат мигрантларини тўлов асосида тайёрлаш назарда тутилмоқда.

Меҳнат вазирлиги ва ХМТ Ўзбекистондан Польшага уюшган меҳнат миграциясини кенгайтиришга тўсиқ бўлаётган масалалар (кириш учун ишчи визаларини тақдим этиш)ни ҳал қилиш, Чехия ва Словакия, шунингдек, Канада, Австралия ва скандинавия давлатларига меҳнат миграцияси йўлларини ривожлантиришда ХМТ кўмаклашуви масалаларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, МДҲ мамлакатларида вақтинчалик меҳнат фаолиятида бўлган фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишларда ХМТнинг ёрдам кўрсатиши масаласи кўриб чиқилди. ХМТ вакиллари бу каби амалиёт Россия Федерациясининг ваколатли давлат органлари билан музокаралар ўтказиш йўли орқали Россияда олиб борилаётганини билдирди.