Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси сайтида пахтани пайхон қилиш ҳолатларини аниқлаш борасидаги тадбирлар натижалари эълон қилинди.

Пешкў туманида 2018 йил 1 октябрь куни соат 07−00 ларда Пешкў тумани Хуррам маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Таваккал Тўйев ҳамда шу манзилда яшовчи Нодир Юлдашев ўзларига тегишли бўлган 6 бош қўй ва эчкиларини қаровсиз қолдирганлиги оқибатида ушбу чорва моллари «Нодирбек Дилнура» фермер хўжалигига қарашли пахта даласини пайхон қилганлиги аниқланган. 1 бош қўй ва 1 бош эчки сўйилиб, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга тарқатилган.

Шунингдек, Бухоро туманида. 2018 йил 04 октябрь куни Бухоро тумани Талалиён маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Шавкат Турсунов ўзига тегишли бўлган 1 бош йирик шохли қорамоли ва 1 бош қўйини «Юринпоён ери» фермер хўжалигига қарашли пахта даласига боқиб пайхон қилганлиги аниқланган. 1 бош қўй сўйилиб, ҳудуддаги 38-сон мактабгача таъли муассасасига топширилган.

Иккала ҳолат юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддасига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида берилган маълумотга кўра, қонунчиликка мувофиқ экинзорлар пайҳон қилинган жойда ушланган чорва моллари маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилади ҳамда улар фақат чорва моллари эгасига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўллангандан сўнг ва етказилган зарар тўлиқ ундириб олингандан кейин қайтариб берилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ чорва моллари ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши фуқароларга 552 минг 900 сўмгача, мансабдор шахсларга эса 921 минг 500 сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин ҳам шахс ушбу ҳаракатни бир йил давомида такрор содир этса фуқароларга 1 млн 290 минг 100 сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 1 млн 843 минг сўмгача жарима солинишига сабаб бўлади.