Параосиё ўйинларининг учинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар 5та олтин, 4та кумуш ва 1та бронза медалларини қўлга киритди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Делегация ҳисобидаги умумий медаллар сони эса 31 тага етди. Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 18 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритган.

Куннинг охирги қисмида кузатилган натижалар билан танишинг:

100 метрга югуриш баҳсларида Дониёр Аҳмедов 11:26 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медаль соҳибига айланди.

Эркаклар ўртасида комплекс усулга сузиш баҳсларида эса Дмитрий Хорлин Осиё рекордини янгилади. Фирдавсбек Мусабеков эса маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Бу йўналишда ҳам олтин ва кумуш медаллар ўзбекистонлик спортчиларига насиб этди.

Комплекс усулда сузиш. 200 метрга аёллар ўртасидаги баҳсларда Фотима Омилова 02:21.82 натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва жаҳон рекордини ўрнатди. Ундан кейинги ўринни Шоҳсанамхон Тошпўлатова эгаллади.