Индонезияда ўтказилаётган Параосиё ўйинларининг учинчи кунида ҳам ўзбекистонлик спортчилар медалларни қўлга кирита бошлади. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Элбек Султонов Параосиё ўйинларининг ядро улоқтириш баҳсларида олтин медаль соҳиби бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Элбек Султонов ядро улоқтириш баҳсларида 15,67 натижа кўрсатди ва олтин медални қўлга киритди. Таъкидлаш ўринли, у мазкур йўналишда Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ғолиби ҳисобланган эронлик спортчи Саман Пакбазни ҳам ортда қолдириб кета олди.

Шунингдек, Султонов Параосиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади.