Кеча Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинларининг иккинчи кунги мусобақалари ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик спортчилар енгил атлетика, дзюдо, ўқ отиш, пауэрлифтинг ва сузиш бўйича мусобақаларда иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Куннинг сўнгги медалини терма жамоага 200 метрга югуриш баҳсларида Дониёр Аҳмедов тақдим этди. У 22,79 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медалга эга чиқди.

Иккинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони 21 тага етди. Уларнинг 13 таси олтин медаль бўлса, кумуш медаллар сони 5 тани ташкил этади. Бронзалар сони эса 3 та. Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сони бўйича рейтингда учинчи ўринни эгаллаб турибди.