2019 — 2020 йилларда Ўзбекистон минтақаларида велосипед йўлкалари тармоғини қуриш режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда, дейилади Norma.uz хабарида.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019−2020 йиллардаги Чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш кўзланмоқда:

минтақавий аҳамиятга молик умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларининг чегараларида қурилишини назарда тутувчи велосипед йўлкаларини қуришнинг манзилли рўйхати;

боғлар, истироҳат боғларида велосипед йўлкаларини қуришнинг манзилли рўйхати.

Бундан ташқари, минтақалар ҳудудига киришни таъминловчи минтақавий аҳамиятга молик умумий фойдаланиладиган магистрал автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш учун топшириқларни тайёрлаш чоғида бундан буён белгиланган тартибда ушбу йўлларнинг ажратилган минтақа доирасида велосипед йўлкалари қурилишини назарда тутиш таклиф этилмоқда.

Кўзланган режаларни амалга оширишни Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига топшириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий велосипедлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш кўзланган. Хусусан, Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида велосипед ишлаб чиқарувчи «Ya Mei Gong Ye Yuan» МЧЖ ХКни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.