Тошкент ИИББ Сергели туманида вояга етмаган қизлар зўрлангани ва ўлдириб кетилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқлар ва Telegram-гуруҳларда Сергели туманида тўрт нафар вояга етмаган қиз зўрлангани, икки нафари эса ўлдириб кетилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Бошқарма матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилда Тошкентда вояга етмаганларни зўрлашга оид бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаган.

«2015 йилда қиз боланинг зўрлаб, ўлдириб кетилгани ҳодисаси содир бўлган эди. Мазкур жиноятни содир этган шахс қатъий тартибда қонуний жазога тортилган», — дейилади хабарда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари аҳолидан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тасдиқланмаган хабарларни тарқатмаслик, ишончли маълумотларни олиш учун эса ИИББга мурожаат қилишни сўради.