Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Параосиё ўйинлари давом этмоқда. Бир неча дақиқа олдин дзюдо бўйича беллашувлар ниҳоясига етди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бугун гиламга чиққан ўзбекистонлик тўрт нафар дзюдочининг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Ниғматов (-66кг) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш, Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритди.

Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегациясининг Параосиё ўйинларидаги медаллари сони 11 тага етди. Уларнинг 7 таси олтин, 3 таси кумуш ва 1 таси бронза медалларидир.

Эслатиб ўтамиз, Параосиё ўйинлари 13 октябргача давом этади.