Ўзбекистоннинг қатор олий таълим муассасалари билан Франциянинг «Париж-Сюд», «Париж I Пантеон-Сорбонна», «Париж IV», Гренобль, Ницца София Антиполис, Тулуз, «Бретань-сюд» каби университетлари, Шарқ тиллари ва цивилизациялари Миллий институти, Тулуз шаҳридаги сиёсий тадқиқотлар институти ва Версаль шаҳридаги Олий архитектура мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ва протоколлар имзоланган. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Бугунги кунда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Париж халқаро мода академияси филиалини ташкил қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, франциялик педагогларнинг Самарқанд «Ипак йўли» туризм халқаро университети фаолияти ва унда француз тилидан сабоқ беришни жорий этишда иштироки борасидаги дастурларни ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон президентининг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида эса Ўзбекистонда француз мутахассислари иштирокида ўзбек ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистондаги 1260 та мактаб, коллеж ва лицейда, шунингдек, 8 та олий таълим муассасасида 280 мингдан зиёд ёшлар француз тилидан сабоқ олмоқда.

Шунингдек, биродарлашган шаҳарлар — Самарқанд билан Лион, Хива билан Версаль, Бухоро билан Руэй-Мальмезон ўртасидаги амалий ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.