Ўзбекистон миллий чемпионати суперлигасида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилаётган «Навбаҳор» футбол клуби тизимида бир қатор жиддий ўзгаришлар юз берди. Наманган шаҳридаги «Марказий» ўйингоҳда ўтказилган тақдимот маросимида жамоанинг янги бош мураббийи оммага таништирилди. «Навбаҳор» жамоасини эндиликда россиялик таниқли мутахассис Андрей Канчельскис бошқарадиган бўлди. У бош мураббийлик лавозимида Илҳом Мўминжоновнинг ўрнини эгаллади. Бу ҳақда namnews.uz хабар берди.

Тақдимот маросимида Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раҳбари Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, «Навбаҳор» учун юксалиш йили бўлаётган 2018 йилда клуб ўз олдига қўйган юксак мақсадлар асло оғишмаслигини таъкидлади.

«Энди очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Бу йил ғалабаларимиз дебочаси бўлади. «Навбаҳор"нинг кейинги йилги 40 йиллик юбилейида чемпион бўлишини кўрайлик. Илҳом Мўминжонов жамоани чемпионликка олиб чиқиши лозим эди. У талабимизга жавоб бера олмади. Жамоани шундай аҳволга солишига қараб туролмасдик. Жамоага янги қон олиб кирадиган мураббий сифатида Андрейни Канчельскисни таклиф қилдик. Энди ортга йўл йўқ! Хоҳлардикки, янги бош мураббий Наманганга Англия футбол ҳавосини олиб кирса», — деди Хайрулло Бозоров.

Маросимда Андрей Канчельскис клуб билан расман шартнома имзолади. Бош мураббий таклифи билан Алексей Ильич Беленков клубда ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлайди.

Маълумот ўрнида, Андрей Антанасович Канчелскис 1969 йил 23 январда Украинанинг Кировоград шаҳрида туғилган. Футболчиликдаги фаолияти давомида яримҳимоя чизиғида ҳаракат қилган. Украинанинг «Звезда», «Динамо Киев», «Шахтёр», Россиянинг «Сатурн», «Криля Советов», Англиянинг «Манчестер Юнайтед», «Эвертон», «Манчестер Сити», «Саутгемптон», Италиянинг «Фиорентина», Шотландиянинг «Рейнджерс», Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол», жамоаларида тўп сурган. Жами 456 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 95 та гол киритган. Собиқ иттифоқ терма жамоасида 17 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урган. МДҲ терма жамоасида 6 та ўйин ўтказган. Россия терма жамоаси сафида эса 36 та учрашув ўтказиб, 4 та гол муаллифи бўлган. Мураббийлик фаолиятини 2009 йили «Торпедо-ЗИЛ» клубида бошлаган ва 2016 йилга қадар Россиянинг «УФА», «Волга», «Солярис» ва Латвиянинг «Юрмала» жамоаларида бош мураббий сифатида фаолият юритиб келган.