«Ўзбекэнерго» компанияси 3 октябрь куни Халқаро пресс-клуб мажлисида фахрий журналист, «Нуроний» жамғармаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев тилга олган Тошкент шаҳар электр тармоқлари мутасадди раҳбарлари томонидан 1300 та трансформатор сотиб юборилганини тўғрисидаги маълумотларни рад этди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

«Хусусан устоз журналист, Тошкент шаҳрида 1300 та трансформатор сотиб юборилганини ва бунинг устидан хеч ким назорат қилмаганлигини иддао қилди. Аммо бу воқеа қачон бўлганлиги ҳақида ҳеч нарса демади.Ушбу гаплар қанчалик тўғри? Ҳақиқатдан ҳам юқорида айтилганидек шунча трансформатор иссиз кетдими?» — дейилади баёнотда.

Компаниянинг қайд этишича, аслида шунга ўхшаш воқеа ҳақиқатдан ҳам «Тошкент шаҳар Электр тармоқлари корхонасида» 2009 йилда бўлиб ўтган. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур корхонада олиб борилган текшириш натижасида жами 541 та трансформатор ортиқча чиққанлиги аниқланган ҳамда мутасаддидларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, шартли равишда жазо тайинланган ҳамда аминистия туфайли озодликка чиқарилган.

«Айтиш лозимки, Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан 1300 трансформатор сотилганлиги билан боғлиқ воқеа бўлмаган», — дейилади баёнот давомида.

«Сир эмас, бугун мамлакатимиздаги ечимини кутаётган муаммолардан бири, бу — электр таъминотидир. Аҳолининг турли юқори ташкилотларга йўллаётган мурожаатларининг ҳам аксарият қисмини электр таъминотидаги узилишлар ташкил этади. Кейинги икки йилда жойларда бу муаммо бироз бўлса-да ҳал этилгандек. Кўпгина ҳудудларда олдингидек муттасил узилишлар кузатилмаяпти», — дейилади расмий муносабатда.