Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Абдулла Авлоний маҳалласида ўтказилган очиқ суд мажлисида одам савдоси билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

К.И. ўзи таниш бўлган ёки эндигина танишган хотин-қизларнинг ишончига кириб олгач, катта пул беришни ваъда қилиб, уларни Қозоғистон Республикасига ишга юбориш билан шуғулланиб юрган. Унинг бу ишларида ижтимоий тармоқлар жуда қўл келган. Ўзи топган қизларни «Александра» исми билан реклама қилиш билан ҳам шуғулланган.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан эндигина 21 ёшни қаршилаган К.И.нинг оилавий аҳволи, олдин судланмагани, ўз қилмишидан қаттиқ пушаймонлиги ҳисобга олиниб ҳукм чиқарилди.

Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор, деб топилиб, уч йил ишлаган даромадидан ҳар ойда давлат ҳисобига 20 фоиз тўлов тўлаши лозимлиги белгиланди.