Президент «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор асосида «бир сайловчи — бир овоз» принципига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш назарда тутилган.

Қарорга мувофиқ, мамлакатимизнинг бутун ҳудудида сайлов жараёнига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими жорий этилади ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланилади.

Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар муддатда фуқароларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда вазирлик маълумотлар ахборот базасида уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотни тўлиқ мувофиқлаштиради.

Шу билан бирга, қарор билан Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.