«Ўздавнефтгазинспекция» бош мутахассиси Шуҳрат Ирисов ЎзА мухбири билан суҳбатда корхоналарни қарздорлиги қандай ҳал қилиниши юзасидан саволларга жавоб берди.

— Афсуски, қарздор бўлган корхонага жарима қўллаш амалиёти ҳеч бир ҳужжатда белгиланмаган. Эндиликда қонунчиликка ўзгартириш киритиш яъни энергетика аудит ўтказиб, унинг якуни бўйича чора кўрмаётган корхоналарни газ тармоғидан узиб қўйиш ёки жарима солиш бўйича таклиф берганмиз. Бу масала ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Юртимизда икки минг тоннадан ортиқ шартли яъни йилига 200 минг кубдан зиёд ёқилғи сарфлайдиган 406 табиий газ ва нефт маҳсулотлари ишлатиладиган корхона мавжуд. Уларда 2016−2020 йилларда мажбурий энергетика текширувлари ўтказиш белгиланган. Бу йил 155та корхонада аудит текшируви ўтказиш кўзда тутилган бўлса-да, ҳозирда 89 корхонада якунланди. Уларда 99 минг тоннадан зиёд шартли ёқилғини тежаш манбалари аниқланди. Демак, корхоналарда энергия тежаш имконияти юқорилиги кўриниб турибди.

Бундай текширувлар ҳар бир корхонада 5 йилда бир марта ўтказилиши шарт. Бироқ, корхона раҳбарлари аудит текширувни мақсадини тушунмагани учун бундай текширувни истамайди. Мисол учун, жорий йилда Тошкент шаҳридаги 35 корхонадан бор йўғи 15 таси аудит текширувга рози бўлган. Яна бир тарафи корхона раҳбарлари йиллик ёки чораклик ҳисоботларни нотўғри тақдим этади. Шунда аудитор корхонанинг тежаш манбасини тополмайди. Агарда тўғри маълумотлар берилса, ишлаб чиқаришга сарфланаётган газ ҳажмини иқтисод қилиш жиҳатлари осонлашади. Ана шунда корхоналар янги, замонавий ускуна харид қилиш орқали тежамкорликка эришади.

Энергетик аудит ўтказишга рози бўлган ва кўрсатилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этган корхоналардан бири- «Тошкент ёғ-мой комбинати».

— Тўғриси, аудит текширувидан бир оз чўчиб турган эдик, — дейди энергетик Баҳодир Ҳабибов.- Лекин бундан корхонамиз анчагина фойда кўрди. Улар энергия ва газ сарфи юқори бўлган қозонхонадаги ускуналарни замонавий жиҳозларга алмаштириш кераклигини айтишди. Энергоаудиторнинг таклифи билан яқинда Австриядан келтирилган, тежамкор қозонхонани ишга туширдик. Энди газдан 20, электрдан 30 фоиз иқтисод қилинмоқда. Албатта, бундай тежамкорлик корхонамизнинг молиявий жиҳатдан юксалишида қўл келмоқда.