Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди компьютер ўйинлари ва тотализаторларга муккасидан кетган Ғайрат Кулибаевни 18 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Sevimli TV телеканалининг Zamon дастури хабар қилди.

Репортажда қайд этилишича, 10 йил давомида онлайн ўйинлар ҳадисини олган Ғайрат Кулибаев бир куни электрон кармонидаги пули тугаб қолади. Унгача 2,35 млнсўмни ютқазган ва 200 доллар қарз олган.

У электрон кармонларга пул ўтказиб бериш билан шуғулланувчи Радченковнинг уйига ўғирликка киради. Кутилмаганда уйда Радченковнинг турмуш ўртоғини учратиб қолади ва унинг танасига 18 марта пичоқ уради. Аёл ҳаётдан кўз юмади.

«Тахминан 10 йилдан бери компьютер ўйинларини ўйнайман. Бундай ўйинларда ютиш имконияти жуда кам, лекин ютган вақтларимда яна ўйнашда давом этардим. Маошимнинг ярмини оиламга, қолган қисмини ўйинга сарфлар эдим. Сўнгги вақтларда жуда берилиб кетдим ва ўзимни йўқотиб қўйдим», — деди Ғайрат Кулибаев.

Суд айбланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисми «и» банди ҳамда 164-модда 3-қисм «в» ва «г» бандлари бўйича айбдор деб топиб, 18 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.