Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси (бундан кейин — Инспекция) бизнесни 30 кунгача текшириш ҳуқуқига эга бўлди (2018 йил 30 сентябрдаги фармон). Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Идора ваколатига кирадиган барча масалалар юзасидан текширувлар ўтказилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Инспекция 11 та йўналишда фаолият олиб боради ва 84 та функцияни бажаради, уларнинг аксарияти — назорат функциялари. Масалан, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча ташкилотларда қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқариш, олиб кириш, сақлаш ва сотиш устидан назоратни амалга ошириш (Инспекция тўғрисидаги низомга қаранг).

Бунда текширувлар билдириш тартибида, яъни прокуратура органлари билан олдиндан келишилмай ўтказилади. Президентнинг 27.07.2018 йилдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5490-сон Фармонига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.10.2018 йилдан кучга кирди.