Оксана Чусовитина Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон кубогида барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Бугун 43 ёшли спортчи Ўзбекистонга қайтиб келди. 2020 йилги Олимпия ўйинлари учун рейтинг очколари йиғишни бошлаб юборган Чусовитина мусобақа давомида ўзини қўллаб-қувватлаб турган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

«Барчаси ажойиб бўлди. Мухлисларимга раҳмат. Париж бизни яхши кутиб олди. Спорт залидаги муҳит эса ажойиб эди. Рақиблар? Мен рақибларга қараб ўтирмайман ва ўз ишимни тўғри бажаришга ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, барчаси режа бўйича давом этади. Яна бир маротаба мени қўллаб-қувватлаб турганларга миннатдорчилик билдираман», — деди Оксана Чусовитина.