АҚШ Халқаро ривожланиш бўйича агентлигининг (USAID) халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги эксперти Йован Йекич Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари бўйича Ўзбекистон ташқи савдо вазири маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, дея хабар қилди ташқи савдо маҳкамаси матбуот хизмати.

Йован Йекич халқаро тижорат ҳуқуқи, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш, божхона қоидалари ва жараёнлари, савдо сиёсатининг ҳуқуқий бошқаруви, савдо ва инвестиция сиёсати соҳаларида 35 йилдан зиёд тажрибага эга. 2001−2017 йилларда Озарбайжон, Тожикистон ҳамда Сербия ва Черногория ҳукуматларига ЖСТга аъзо бўлиш масалаларида маслаҳатчилик қилган. Маслаҳатчи лавозимига тайинлаш тўғрисидаги келишувга май ойида Вашингтонда эришилган эди.

«Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши экспорт географиясини янада кенгайтириш, хориж мамлакатларига маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажмларини оширишга хизмат қилади. Маълумки, ЖСТга аъзо бўлиш уйғун, оғир ва узоқ давом этувчи жараён бўлиб, бу ўринда халқаро эксперт ташкилотга аъзо бўлиш орқали энг яхши афзалликларга эга бўлиш мақсадларида ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ҳар томонлама мушоҳадали музокараларни олиб боришда кўмак кўрсатади», — деди ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Йован Йекич маслаҳатчи лавозимида ЖСТ котибиятига тақдим этиш учун Ўзбекистон ташқи савдо режимини акс эттирган асосий ҳужжат (меморандум), миллий қонунчиликка ЖСТ келишувларига мувофиқ ўзгартишлар киритиш учун таклифлар, шунингдек яқинда ЖСТга аъзо бўлган давлатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатнинг халқаро конвенция ва битимларга қўшилиши бўйича таклифларни тайёрлашда кўмак кўрсатади.

У Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида музокаралар ўтказиш, жумладан республиканинг учрашув ва музокаралар масалалари бўйича музокаралар гуруҳи аъзолари билан давра суҳбатлари ва мавзули учрашувлар ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади.