Ўзбекистонда трамадол ва прегабалин («лирика») сингари психофаол дори воситалари савдоси учун жавобгарликка тортиш бошланади. Олий Мажлис Сенати қонунчиликка киритилаётган жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишларни маъқуллади.

Парламент юқори палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитасида доимий асосда фаолият олиб борувчи сенатор Шуҳрат Чўллиев ИИВ маълумотларига таяниб, 2015 йилдан 2018 йил июлига қадар саккиз турдаги шу каби синтетик каннабиноидлар аниқланганини маълум қилди. Улар Ўзбекистонда айланиши тақиқланган ёки чекланган наркотик ва психотроп воситалар рўйхатига киритилмаган.

Шуҳрат Чўллиев жисмоний шахслар дорихоналардан ташқарида дори воситалари савдоси билан шуғулланаётгани ҳолатлари борлигини қайд этиб ўтди. Кўчалардаги «фармацевтик бозорлар"да рўйхатга киритилмаган, яроқлилик муддати ўтган психофаол дори воситалари сотилмоқда. «Истеъмол қилинганда «эйфория"ни келтириб чиқарувчи препаратлар ҳам аниқланди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундай вазият фуқаролар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. 2017 йилда 67 та шундай ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, жорий йилнинг етти ойи давомида 84 тага етди.

Дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисидаги қонуннинг 13-моддасига кўра, дори воситалари фақатгина дорихона муассасалари ва уларнинг филиалларида сотилиши мумкин. Бироқ қонунчиликда мазкур моддани бузганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

«Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбасининг маълум қилишича, трамадол, прегабалик («лирика»), зопиклон («соннат») кабилар наркотик ва психофаол дори воситалари рўйхатида бўлгани сабабли дори воситалари сотувчиларини жавобгарликка тортиш имконияти йўқ эди.

«Авваллари кўпи билан улар милиция ходимларининг қонуний талабларини бажармагани учун (Жиноят кодексининг 194-моддаси — таҳр.) жавобгарликка тортилар, аксарият ҳолларда улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган. Эндиликда уларга қарши курашда қонуний дастак мавжуд», — деди суҳбатдош.

Ахборот манбаси трамадол ва прегабалин ушбу рўйхатга киритилиши аниқ эканини айтиб ўтди.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга наркотик моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ўзгартишлар киритилади.