Фашизмга қарши курашда иштирок этган ўзбекистонликлар хотирасига бағишлаб тўлиқ метражли бадиий фильм тасвирга олинади, дея хабар қилди «Народное слово» нашри «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокировга таяниб.

Тасвирга олиш ишлари Нидерландия, Ўзбекистон, Россия ва Германияда ўтказиш режалаштирилаётган фильм Голландиядаги Амерсфорт концентрацион лагерининг 101 нафар ўзбек ҳарбий асирларига бағишланади.

Лойиҳа Амерсфорт лагеридаги машаққатларни мардонавор бардош берган ҳарбийларнинг фожиали тақдири ҳақидаги «Бир юз бир» асариниёзган Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихоналари кўмагида ўзбекистонликлар тўғрисидаги янги маълумотларни қидиришни зиммасига олганидан сўнг юзага келди.

Лойиҳа тўғрисида тадқиқотчи ва ёзувчи Ремко Рейдинг бошчилигидаги Нидерландия делегацияси иштирокидаги Халқаро пресс-клуб мажлисида батафсил сўзлаб берилди.

«Йигирма йил муқаддам Голландиядаги совет ҳарбий қабристонида 865 нафар номаълум аскар кўмилгани, уларнинг 101 нафари ўзбеклар асирлари эканини билдим, — дейди Ремко Рейдинг. — гувоҳларни излаш ва архивлардаги материалларни тўплашни бошладим. Маълум бўлишича, 101 аскар Германиянинг Собиқ Иттифоқ ҳудудига бостириб кирганининг биринчи ҳафтасида Смоленск яқинида асирга олишган ва улар ташвиқот мақсадида нацистлар томонидан босиб олинган Голландияга юборишади. Фашистлар оч осиёликлар емак учун бир-бири билан қандай уришиб-талашишини кинокамерага тасвирга олишни исташади. Бироқ ўткир тиканли панжара ортидан улоқтирилган нонни асирлар ўзаро тенг бўлиб ейишгани уларнинг ҳафсаласини пир қилади».

Ремко Рейдинг ўрганган архив материаллари унинг «Шон-шараф майдони боласи» асарига асос бўлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳар баҳорда юзлаб голландлар Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонга йиғилади ва худди шу жойда нацистлар томонидан отиб ташланган 101 аскар хотираси учун шамлар ёқишади.

Делегациянинг асосий мақсади — 101 аскар қариндошларини топишдан иборат. Бунинг учун олим Қарши, Бухоро, Самарқанд ва Чирчиқдаги архив маълумотларини ўрганади. Бу ишда унга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари кўмаклашади.

Ўзбекистонда фашизмга қарши кураш олиб борган 101 қаҳрамонга бағишлаб ёдгорлик ўрнатилиши кутилмоқда.