1 октябрь куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофида навбатдаги отлар паради бўлиб ўтди. Тадбирда инглиз, немис, янги қирғиз, қорабайир ва фриз зотларига мансуб 80 дан ортиқ от қатнашди.

Отларни от спорти вакиллари, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси ҳамда Миллий гвардия фахрий қоровул кавалер эскадрони батальони ходимлари бошқариб борди.

Амир Темур ҳайкали қаршисида Миллий гвардия оркестри чиқиш қилди, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари эса байрамни томоша қилиш учун йўл ёқалаб саф тортишди. Йилқичилик ва от спорти федерацияси президенти ўринбосари Элдор Анорбоев «Газета.uz"га тадбир Ўзбекистон Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилганини маълум қилди.

«Президент топшириғига кўра, биз от спортини оммалаштириш ва оммавий спортни ривожлантириш учун бу каби тадбирларни кўплаб ташкил этамиз. Мақсад — ушбу спортга кўпроқ эътибор жалб этиш. Ўтмишда аждодларимиз яхши чавандозлар бўлишган, ҳар биримизнинг томиримизда чавандозлар қони оқмоқда», — деди у.

Илк шу каби отлар паради 8 июль куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда ҳам турли зотларга мансуб 80 бош от пойтахт кўчалари бўйлаб ўтди.

Видео

Смотреть в Tas-Ix

Фото