Швеция Қироллик фанлар академияси физика ва тиббиёт йўналишларида Нобел мукофоти совриндорлари номини маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.

1 октябрь куни тиббиёт бўйича Нобел мукофотига саратон иммунотерапиясининг янги услубини ишлаб чиққан Жеймс Эллисон ва Тасуку Хондзё лойиқ топилди.

2 октябрь куни эса Артур Эшкин, Жерард Муру ва Донна Стриклэнд лазер физикаси соҳасидаги тадқиқотлари учун Нобел мукофотига муносиб кўрилди.

Нобел қўмитасидан қайд этилишича, уларнинг кашфиёти лазер физикасида инқилоб ясади ва бугун ўта кичик объектлар ҳамда бемисл тезликдаги жараёнларни кузатиш осонлашди.

Эшкин оптик пинцетлар ва уларнинг биологик тизимларда қўлланиши учун мукофотнинг ярмига эгалик қилади. Иккинчи ярми эса юқори интенсивли ультрақисқа оптик импульслар генерацияси услуби учун профессорлар Муру ва Стриклэндга топширилади.

3 октябрь куни кимё бўйича Нобел совриндори, 5 октябрда тинчлик мукофоти лауреати, 8 октябрда эса иқтисодиёт бўйича мукофот эгаси номи маълум қилинади.

Совриндорларни тақдирлаш маросими мукофотга асос солган Альфред Нобел вафот этган кун — 10 декабрда бўлиб ўтади.

Ҳар бир йўналишда Нобел 9 млн швед кронаси (940 минг долларга яқин) миқдорида мукофот тақдим этилади.