Сентябр ойида истеъмол бозорида товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,8%га кўтарилди. Умумий ҳисобда 9 ой давомида истеъмол секторида инфляция даражаси 8,1%ни ташкил этди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси.

Ой давомида умумий нархлар даражасининг ўсишига товарлар 1,9%, хизматлар эса 1,2%га таъсир кўрсатди. 2017 йил охирига нисбатан товарлар нархи ўртача 7,4%га, хизматлар 10,1%га қимматлашди.

«Жорий йилнинг сентябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 3,3%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3%, хизматлар 1,2% га қимматлашди. Йил бошидан нарх ўзгаришлари таҳлилига кўра 2018 йилнинг 9 ойи давомида гуруҳлар доирасида хизматлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин», — дейилади хабарда.

Кенгайтирилган ҳар бир гуруҳнинг ой давомида умумий истеъмол нархлари индексига таъсири шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг сентябр ойидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўсиши умумий инфляцияга 1,4 фоиз даражасида (ф.д.) таъсир кўрсатган бўлса, бу вақтда ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар улуши фақатгина 0,4 ф.д. миқдорини ташкил этган.

9 ой мобайнида инфляция даражасига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар орасида айрим товарлар нархларининг тартибга солиниши, кредитлаш хажмининг ортиши натижасида иқтисодий жабҳаларда инвестицион ва истеъмол талабларининг кенгайиши, инфляцион тахминларнинг ўзгаригши, нархнинг мавсумий ўзгариши, шунингдек, миллий валюта қийматидаги ўзгаришларни санаб ўтиш мумкин.

Юқорида таъкидланганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ой давомида ўртача 3,3%га ўсгани умумий ИНИ даражасининг 1,4 ф.д.га ортишига олиб келди. 2017 йилнинг декабрь ойига нисбатан нархларнинг 6%га ошганлиги умумий кўрсаткичнинг 2,6 ф.д.да кўтарилишига замин яратди.

Вазирлар Макамасининг 13 сентябрдаги «Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида 1-навли уннинг улгуржи-савдо нархи (1400 сўм) оширилиши билан бир қаторда аҳоли учун ноннинг эркин бозор нархи бўйича сотиш тартиби белгилаб ўтилди. Умумий ҳисобда, январь-сентябрьойларида 1-навли ундан тайёрланган нон нархи ўртача 64,0%га, олий навли ундан 47,2%га ва 1-навли ун (жумладан импорт унлар) нархлари 10,5%га қимматлашди. Ушбу маҳсулотлар нархларнинг кўтарилиши жорий йилнинг 9 ойи давомидаги умумий инфляция кўрсаткичининг 1,0 ф.д.да ошишига олиб келди.

Гуруч нархи ўтган йилнинг охирига нисбатан 44,8%га қимматлашди ва бу ўз навбатида январь-сентябрь ойидаги умумий ИНИнинг 0,8 ф.д.да ошишига сабаб бўлди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида нархлар ўзгариш динамикаси бир маромда кечмади. Мол ва қўй гўштининг энг юқори даражада қимматлашгани июль ойида қайд этилди. Парранда гўштининг нархи эса аксинча, июль ойига қадар пасайиб, август ойидан бошлаб кўтарила бошлади.

Ўтган йил охирига нисбатан тухум нархининг пасайишига қарамасдан, август ва сентябр ойларида улар нархи яна ошди.

2018 йилнинг 9 ойи давомида мева ва сабзавот нархлари январь ойидан апрель ойигача қимматлашган бўлса, май ойидан августгача аксинча арзонлашди.

Мева-сабзавот нархларидаги ўзгаришларни ҳисобга олмаса, январь-сентябрь ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари индекси 111% ни ташкил этган.

Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари даражасида жиддий ўзгаришлар кузатилмади.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг 0,3%га қимматлашиши умумий ИНИнинг 0,1 ф.д.да ошишига олиб келди. Ўтган 9 ой давомидаги ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари умумий ҳисобда нархлар даражасининг 9,1%га ўсишига олиб келганлиги жорий даврдаги умумий ИНИ кўрсаткичининг ортишига 3,2 ф.д.да таъсир кўрсатди.

Сентябрь ойида ушбу гуруҳнинг истеъмол нархлари индексига қурилиш материаллари ва тамаки маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши, шунингдек, аҳолига автомобильлар учун ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган пропан нархларининг арзонлашиши сезиларли даражада таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари индексига таъсир даражаси бўйича етакчилик қурилиш материаллари, маиший ёқилғи (кўмир), кийим-кечак ҳамда автомобильлар учун ёқилғи товарларига тегишлидир.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида автомобиллар учун ёқилғи нархларининг ўсиши умумий инфляциянинг 0,4 ф.д.да кўтарилишига сабаб бўлди. Ёқилғи-мойлаш материаллари бозорида юзага келаётган ҳолатлар ва биржа савдоларида шаклланаётган нарх ўзгаришлари таъсири натижасида ўтган давр мобайнида пропан 48,8%га, метан 24,1%га қимматлашди. Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябрь ойида пропан нархлари 15,4%га арзонлашиб, метан нархида эса аксинча 1,6%га қимматлашди.

9 ой давомида қурилиш материалларидан ғиштнинг нархи ўртача 48,4%га, цемент 24,7%га, шпатлёвка 16,5%га, гулқоғоз 16,3% га ва шифер 14,3%га қимматлашди.

Сентябрда аҳоли учун хизматлар тарифлари нархлари ўртача 1,2%га ошгани ой давомидаги умумий ИНИга 0,3 ф.д.да таъсир этди. Жорий йилнинг уч чораги мобайнида ушбу соҳада тарифлар 10,1%га ўсганлиги ўтган давр учун умумий кўрсаткичнинг 2,2 ф.д.да ортишига сабаб бўлди.

Сентябрда аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида нархларнинг ўсишида асосий омил — олий таълим муассасаларида ўқиш бўйича тўлов-контрактларининг оширилганлигидир.

2018/2019 йилдан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқиш учун тўлов шартномалари миқдори энг кам ойлик иш ҳақи (ЭКОИҲ) миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблана бошлади. Республика бўйича кузатилаётган таълим йўналишлари бўйича тўлов-контрактлари миқдори ўртача 20,3%га ошгани (ЭКОИҲ жорий йилнинг 15 июлидан 7%га кўтарилган) ой давомидаги инфляциянинг 0,2 ф.д.да ортишига олиб келди.

Коммунал соҳасидаги нархлари тартибга солинувчи тарифларнинг ўсиши (ўртача 13,8%), йўловчи ташиш транспортида йўл ҳақининг оширилиши (9,1%), дам олиш хизматлари (18,2%), хорижий тил ўргатишни ҳисобга олган ҳолда таълим хизматлари ва ҳайдовчиликка ўқитиш (15,7%) ва маиший турдаги хизматларнинг (8,1%) қимматлашиши таъсирида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида умумий хизматлар истеъмол нархлари индекси шаклланди.

2017 йилнинг охирига нисбатан темир йўл транспортида йўловчи ташиш хизматлари ўртача 19,1%га, автомобиль транспортида 9,8% ва ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари ўртача 1,5%га қимматлашди.

Айтиш жоизки, февраль ойида темир йўл орқали қатнов нархининг сезиларли даражада қимматлашиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ўз ҳисоб-китобларида аввалги қайд этилган швейцария франки қийматидан Ўзбекистон Марказий банкининг расмий қиймати бўйича ҳисоблаш тартибига ўтилганлиги билан бевосита боғлиқ. Ушбу ўтишнинг оқибатларини юмшатиш мақсадида компания томонидан плацкарт қийматларини арзонлаштириш юзасидан ҳисоб-китобларда қатор пасайтирувчи коэффициентлар қўлланилган.