Ўзбекистон биринчи президентининг невараси ва Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Лондонга келди. Бу ҳақда у Instagram орқали маълум қилди. Лондонда унинг акаси Ислом яшайди.

Ижтимоий тармоқдаги аккаунтида Имон Каримова Лондон метроси вагони ва LSE (London School of Economics) маърузасидан фотосуратлар эълон қилган. Унгача эса 29 сентябрда Истанбулдан Лондонга парвоз қилган рейс учиш талони тасвирини улашган эди.

Аввалроқ Имон Каримова 28 сентябрдаги Тошкент-Лондон рейси учиш талони расмини жойлаштириб, унинг юклари ва электрон ускуналари текширилгани сабабли уча олмаганини маълум қилди. Кейинроқ эса «Made it» («Ўхшади») ёзувли фото пайдо бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси «Газета.uz"га Имон Каримованинг кетганини тасдиқлади. «Бунга ҳеч қандай расмий тўсиқлар йўқ эди», — дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

Бош прокуратурадан Гулнора Каримованинг уйда экани ҳақидаги хабарлар тасдиқланмади ва у белгиланган тартибда жазони адо этаётгани таъкидланди.

Имон Каримова сўнгги марта 2017 йил 31 августида оммага кўриниш бериб, холаси Лола Каримова-Тиллаева билан Тошкентда Ислом Каримов ҳайкалига гуллар қўйган эди.

Ўтган йилнинг июлида Бош прокуратура Гулнора Каримова 2015 йил августида беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилганини маълум қилди. Ўша вақтда унга нисбатан яна бир жиноят иши давом этаётган эди. Иккита иш бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар миқдори 3,7 трлн сўмни ташкил этади.