Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Франциянинг Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги делегацияси Францияга ташриф буюриб, мамлакатнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида аниқ тадбирларни амалга оширмоқда.

Олиб борилган музокаралар натижасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Франциянинг Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Шартномага кўра, келгусида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг француз ва инглиз тилини чуқур эгаллаган талабалари махсус танлов асосида Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти билан қўшма дастур асосида ташкил этиладиган социология мутахассислиги бўйича магистратурага ўқишга қабул қилинади.

Бундан ташқари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ёш ўқитувчилари Тулуза сиёсий тадқиқотлар институтида сиёсатшунослик, ҳуқуқ, социология, тарих, этнография каби соҳаларда бир йиллик дастур асосида ўз малакаларини ошириб қайтадилар ва шу фанларни ҳам ўзбек, ҳам француз тилларида ўқитиш малакасига эга бўладилар.

Ўз навбатида Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти талабаларига Марказий Осиё халқлари тарихи, маданияти, жамият қурилиши каби соҳаларни ўрганишлари учун юртимизда зарур шарт-шароит яратиб берилади.

Маълумот учун, Тулуза сиёсий тадқиқотлар институти Франциянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланиб, унда 1600 нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Институт ҳар йили 200 нафардан хорижий талабани ўқишга қабул қилади.