«Ўзстандарт» агентлиги ва RINA S.p.A (Италия) компанияси томонидан Ўзбекистонда Global G.A.P стандартларига мувофиқ янги узилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Истеъмолчилар ва чакана савдо корхоналари учун Global G.A.P сертификати маҳсулот хавфсизлик ва сифат даражасига мувофиқ келиши, шунингдек экологик нормаларга риоя қилиб, ходимларнинг профессионал соғлиғи ва хавфсизлигини, атроф муҳит ҳолати ва ҳайвонларнинг омонлиги ҳақида қайғурган ҳолда ишлаб чиқарилганлиги тасдиғидир.

«Ўзстандарт» агентлиги 2017 йилда Ўзбекистонда Global G.A.P стандартларини жорий этишни бошлади. Асосий мақсад — Ўзбекистон фермерларига уларнинг маҳсулотлари Европа Иттифоқи бозорларига илдам кириб боришига кўмаклашиш.

2018 йил 19 сентябрда «Ўзстандарт» агентлиги Синов ва сертификатлаш республика маркази ҳамда Италиянинг Rina Simtex S.r.l компанияси ўртасидаги музокаралар якунида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, сифат менежменти тизимларини сертификатлаш халқаро бозорида 150 йиллик тарихга эга, дунёнинг 65 мамлакатида 150 та офиси бўлган Италия компанияси Global G.A.P стандартларига мувофиқ миллий кадрларни тайёрлашда ва сертификатлашни амалий татбиқ этишда ёрдам беради.