Ўзбекистон Республикаси президентининг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида «Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси» давлат муассасаси нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қайта ташкил этиш кўрсатилган эди. Қарор талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2018 йилнинг 21 сентябрь куни «Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси"ни давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур уюшма ўз олдига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзбек кинематографиясининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, киноарбоблар, кинематографистлар ва ўз аъзоларининг ижодий-профессионал манфаатларини таъминлашни мақсад қилиб қўйган.

Шу муносабат билан, «Ўзбеккино» миллий агентлигида таниқли киноижодкорлар иштирокида тадбир ўтказилиб, тадбирда уюшма раҳбарига уюшманинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги бўйича гувоҳнома тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида йиғилганларга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳусусида маълумотлар берилиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ижобий ишлар ҳақида фикрлар алмашилди.