Тошкент ҳокимиятида дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари билан хориждан инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб этишга бағишланган бизнес-нонушта форматидаги учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Кириш нутқида Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарда инвестицион ўсиш кузатилаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки йилда хусусий инвесторлар киритган маблағлар 300 фоизга ошган, бугунги кунда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 4000 тадан зиёдроқни ташкил этади. Сўнгги ярим йил ичида 600 дан ортиқ корхона рўйхатдан ўтди.

«Бизнес ўзаро манфаатли бўлиши лозимлигини яхши биламиз, ҳар бир инвестор бизнинг бозорда мамнуният билан ишлаши, ўзи учун пул топиши, бир вақтнинг ўзида бизнинг иқтисодиётимизни ҳам ривожлантириши лозим, — деди ҳоким в. б. — Мен, ҳоким олдида турган асосий вазифа нафақат ўзимизнинг тошкентликларимиз, балки хорижликлар ва пойтахт меҳмонлари учун ҳам қулай бўлган яшаш, ишлаш ва ҳордиқ чиқариш шароитларини яратишдан иборат».

У ҳар ҳафта ҳокимиятда инвесторлар учун очиқ эшиклар кунлари ўтказилаётгани, унда барча маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирок этиб, лойиҳаларини тақдим этишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.

«Айни вақтда пойтахт маъмурияти шаҳар ва барча туманлари кесимида Тошкентни ривожлантириш инвестицион концепциясини ишлаб чиқмоқда, унда пойтахтимизни ривожлантиришнинг барча устувор йўналишлари акс эттирилади», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

«Бугун пойтахтда йўллар кенгаймоқда, жамоат транспорти ривожланмоқда, метро қурилиши қайта йўлга қўйилди. Бунда биз пойтахтнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпмиз. Жумладан, пойтахтнинг эски шаҳар қисмидаги қурилишларни бекор қилдик. Биз янги мегаполис қурамиз, бироқ уни ойна ва бетонлардан иборат қиёфасиз шаҳарга айланишини истамаймиз», — деди ҳоким в. б.