Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури ижросига оид ахборотида хориждан олиб келиниши зарур бўлган даволаш ва диагностиканинг юқори технологик замонавий усулларини жорий этиш учун тиббий ускуналар вақтида келтирилмаганини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Германиянинг KfW-банки ва Саудия Арабистони тараққиёт жамғармасининг молиявий кўмагида марказлар амалиётига даволаш ва диагностиканинг юқори технологик замонавий усулларини жорий этиш белгиланган. Бироқ халқаро ташкилотлар билан ушбу масалалар муҳокамаси ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли Дастурда белгиланган бир қатор вазифалар ўз вақтида бажарилмай қолган.

Хусусан, 2017 йилда Германиянинг KfW-банкининг 3,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги молиявий кўмагида МРТ, Ангиограф, «CARTO"-РЧА ускуналарини олиш ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказини жиҳозлаш ишлари амалга оширилмаган.

2017−2018 йилларда Саудия тараққиёт жамғармасининг молиявий кўмаги асосида 3,354,3 минг АҚШ долларига тенг миқдорда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказини юқори технологик тиббий жиҳозлар билан жиҳозлаш ишлари бажарилмаган.

Дастурда 2017−2018 йиллар давомида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази амалиётига даволаш ва диагностиканинг замонавий юқори технологик усулларини жорий этиш белгиланган.

Бироқ, Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси ҳисобидан олиниши режалаштирилган 2 млн. 713 минг АҚШ доллари миқдоридаги асбоб-ускуналарнинг сотиб олинмаганлиги сабабли юқорида қайд этилган юқори технологик усуллар марказ амалиётига жорий этилмаган.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази амалиётига бир қатор юқори технологик замонавий усуллар жорий этиш кўзда тутилган. Аммо 2018 йилда амалга оширилиши белгиланган бета-лактамаза фаоллигини аниқлаш усули Германиянинг KfW-банки томонидан молиялаштирилмаганлиги сабабли жорий этилмаган.

2017 йилда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази амалиётига марказий асаб тизими ва орқа мия ҳосилаларида контрастли магнит-резонанс томография усулини жорий этиш белгиланган. Лекин Саудия Арабистони тараққиёт жамғармаси молиявий кўмагида олиниши режалаштирилган асбоб-ускуналар олинмаганлиги сабабли ушбу юқори технологик усул ҳам жорий этилмаган.

Бу технологиялар вақтида келтирилганида қанчадан-қанча беморларнинг дардига тўғри ташхис қўйилган, даволаш осонлашган, муҳими шифо топиш тезлашган бўларди.