Тошкентнинг Олмазор туманида пайшанба куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида бир гуруҳ шахслар билан оғир жиноятни содир этгани учун қидирилаётган 27 ёшли Шохруҳ Жўраев қўлга олинди, дея хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати. Жўраев қариндошининг уйида кроват остига бекиниб ётганида аниқланди ва қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатди.

Аввалроқ 11 август куни Учтепа туманидаги «Ватан» кинотеатри яқинида Spark автомобилидаги уч эркакка ҳужум қилган уч нафар гумондор қўлга олингани тўғрисида хабар қилинган эди.

Ўшанда Шохруҳ Ж. 24 ёшли Зиёвуддин Ғ., 31 ёшли Музаффар М. ва Бекзод Н ҳамда 33 ёшли Абдуғани И. билан Музаффар бошқарувидаги «ВАЗ-2105» ва рулда Абдуғани бўлган Nexia 34 ёшли Жасур М. бошқариб келаётган Spark`ни тўхташга мажбур қилади. Қўлга олинганларнинг кўрсатмаларига кўра, Зиёвуддин «Спарк» шиналарига шикаст етказади, Музаффар эса машина ойналарини синдиради.

Шундан сўнг жабрланувчини куч билан ўз машиналарига ўтирғизиб, уни Сергели туманига олиб боради ва тан жароҳатларини етказади. Шундан сўнг Зиёвуддин ва Бекзод қурбонни шифохонага олиб бориб, ортиқча гап айтиб қўймаслиги учун ҳар бир гапини кузатиб туради.

Жабрланувчи қўрққани сабабли жим туради ва ҳодиса тўғрисида ички ишлар органларига мурожаат қилмайди. Жиноят ҳақида эса интернетга жойлаштирилган видеоёзувдан сўнг ошкор бўлади.

Маълум бўлишича, 23 ёшли жабрланувчи Ботиржон А. таниши Шохруҳдан қарз олган ва яа 500 минг сўм бериши лозим бўлган.

Айни пайтда 1989 йилда туғилган Юлдашев Баҳодир Бахтиёрович (фотодаги) қидирувда. ИИББ гумонланувчининг қаерда эканини билган фуқаролардан 102, 71−281−94−81, 98−362−51−14 телефонлари орқали маълумот беришни сўрамоқда. Қўнғироқ қилганларнинг шахси ошкор қилинмаслиги тўлиқ кафолатланади.