Ўзбекистон президентининг 26 сентябрдаги қарори билан Фарғонада Латвиянинг ISMA университети — Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг филиали ташкил этилди, дея хабар қилди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб республиканинг туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар белгиланди.

Филиалда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича кўпроқ инглиз тилида кундузги шаклда амалга оширилади.

Филиалда олтита йўналишда бакалавр ва иккита мутахассисликда магистрлар тайёрланиб, унга қабул квоталари Олий мактабнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тайёрланган асосли таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологиялари, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан шакллантириш ва тўлдиришга кўмаклашади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Олий мактабнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.