Президент Шавкат Мирзиёев президент Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Тожикистоннинг Турсунзода шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳарга кираверишда минглаб аҳоли жам бўлиб, Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик, тантана билан кутиб олди. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон президентининг қўшни давлатлар билан очиқлик, бағрикенглик сиёсати ҳамма тожикистонликлар қатори Турсунзода аҳолисига ҳам катта қувонч бағишлаган.

Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган Давлат чегараси бўйича шартнома ҳамда Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим икки халқ ҳаётида улкан аҳамиятга эга бўлди. Чегарадан ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тиклангани, аҳолининг борди-келдиси учун ўттиз кунгача визасиз тартиб жорий этилгани, автотранспорт ва самолётлар қатнови йўлга қўйилгани одамларга кенг қулайликлар яратмоқда.