Россиянинг Оренбург вилоятида логистик хаб — Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари улгуржи-тақсимлаш марказини қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Оренбург губернаторининг Ўзбекистон делегацияси билан учрашувида маълум қилинди.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, марказ Акбулак тумани ҳудудида қурилади.

Оренбург вилояти губернатори Юрий Берганинг сўзларига кўра, туманда зарур инфратузилма, автотрасса, темир йўл станцияси, газ қувурлари ва юқори вольтли электр тармоқлари мавжуд.

Оренбург вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 2017 йилда 210,2 млн долларга етди. Жорий йилнинг фақатгина биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 191 млн долларни ташкил этди.