28 сентябрь куни Лувр музейи мутахассислари Ўзбекистондаги ишини якунлайди. Бир ҳафта давомида француз мутахассислари гуруҳи 2021 йили Луврда бўлиб ўтадиган «Ипак йўлида тамаддун ва маданиятлар» кўргазмаси учун Ўзбекистон музейларидан дастлабки сараловдан ўтган экспонат лар ҳолатини тадқиқ этишди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Луврнинг ислом санъатлари бўлими директори Яник Линц ва археолог Ранте Роко бошчилигидаги делегация Абу Райҳон ал Беруний номидаги шарқшунослик институти, «Афросиёб» Самарқанд тарихи музейи, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Мўйил Муборак» мадрасасидаги Муқаддас Қуръон музейи, Пайкент шаҳри тарихи музейи ва Ўзбекистоннинг бошқа музейларига ташриф буюрди.

Изланишлар якунлари бўйича сапалаб олинган ҳар бир экспонат бўйича хулоса берилиб, кўргазма учун ягона рўйхат шакллантирилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хорижда бошқа бир қанча йирик тадбирларни ўтказишни режалаштирмоқда. Вашингтондаги (АҚШ) Саклер Галереяси ва Венадаги (Австрия) Альбертин музейидаги кўргазмалар шулар жумласидан.

Шунингдек, Италиядаги Венеция биенналесида миллий павильон очиш режалаштирилмоқда.